Toshkent viloyati, Toshkent tumani, Yunusobod Q.F.Y.,  Darxon qo`rg`oni| info@urmon-institut.uz | +998 71 225 72 32
Bosh sahifa / O‘ZBEKISTON RESPUBLIKASI VAZIRLAR MAHKAMASINING QARORI

O‘ZBEKISTON RESPUBLIKASI VAZIRLAR MAHKAMASINING QARORI

Ўрмон хўжалигини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 30-сон, 734-модда)

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги 2017 йил 11 майдаги ПҚ-2966-сон қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

  1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тўғрисида низом 1-иловага мувофиқ;

Қорақалпоғистон Республикаси Ўрмон хўжалиги қўмитаси ва вилоятлар ўрмон хўжалиги бошқармалари тўғрисида намунавий низом 2-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси Давлат қўриқхоналари, миллий табиат боғлари ва овчилик хўжаликлари бошқармаси тўғрисида низом 3-иловага мувофиқ;

Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институтининг тузилмаси 4-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти тўғрисида низом 5-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси Ўрмон хўжалигини ривожлантириш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида низом 6-иловага мувофиқ;

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва унинг тизимига кирувчи ташкилотлар ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисида низом 7-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

  1. Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда ҳудудлардаги фойдаланилмаётган, бўш турган давлат кўчмас мулки объектларини икки ой муддатда Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг ҳудудий бошқармаларига оператив бошқарув ҳуқуқи билан берилишини таъминласин.
  2. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси 2018 йилдан бошлаб ҳар йили тасдиқланадиган инвестиция дастурларига Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг таклифига асосан янгидан ўрмонзорлар барпо этиш учун махсус техника ва замонавий технологияларни сотиб олиш, ишлаб чиқариш ташкилотлари ва экотуризм инфратузилмаларини ташкил этиш, ўрмон хўжалиги объектларини янгидан қуриш, реконструкция қилиш ҳамда таъмирлаш ишларини киритсин.
  3. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига «Ўзфармсаноат» ДАК, «Дори-дармон» АК ва Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси билан биргаликда ҳар йили ўрмон хўжаликларида етиштириладиган доривор ўсимликлар хом ашёсини фармацевтика фаолиятини амалга оширувчи ташкилотлар эҳтиёжи учун харид қилиш юзасидан шартномаларни тузилишини ва 30 фоиз миқдорида аванс маблағларини тўлаб берилишини таъминлаш вазифаси юклансин.
  4. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 8-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин;

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 9-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

  1. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — қишлоқ ва сув хўжалиги вазири З.Т. Мирзаев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2017 йил 19 июль,

530-сон

2017-08-26 Tashriflar soni: 2159
back